Diana Gardanova
27
Iyul 2020
154 marta ko'rildi

O‘zbekiston Respublikasi Moliya vazirligining kislorod konsentratorlari davlat xaridi jarayoni bo‘yicha izohi

Concrete

Охирги кунларда оммавий ахборот воситалари ва Telegram каналларида давлат буюртмачилари томонидан кислород концентратори хариди юзасидан кўплаб маълумот ва мулоҳазалар тарқалмоқда.

Ўзбекистонда давлат харидлари тизими “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинган. Ушбу Қонунда харид қилиш тартиб-таомилларининг турлари, мезонлари ва асосий принциплари белгиланган.

Молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги, очиқлик ва шаффофлик, тортишув ва холислик, коррупцияга йўл қўймаслик давлат харидларининг асосий принциплари жумласидандир.

Қонуннинг 23-моддасида харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш турлари белгиланган бўлиб, бугунги кунда барча рақобатли харидлар электрон тарзда (инсон омили аралашувисиз) амалга ошириш механизми йўлга қўйилган.

Жорий йилнинг 23 июлида Kurbanoff.net Telegram каналида кислород концентраторининг нархлари тўғрисидаги маълумот эълон қилган бўлиб, унга кўра давлат харидлари бўйича электрон дўконда кислород концентраторининг нархи 11,0 ва 30,0 млн сўм, olx.uz веб-сайтида эса 7,7 млн сўм эканлиги қайд этилган.

Маълумот учун, муаллиф, бироздан сўнг, olx.uz веб-сайтида юқорида кўрсатилган нархда кислород концентратори айни пайтда мавжуд эмаслиги ва давлат харидлари бўйича кўрсатилган нархлар тузилган битимларнинг нархлари эмаслигини кўрсатиб ўтган, шунингдек, 30,0 млн.сўм нархдаги кислород концентраторининг давлат хариди бугунги кунга қадар амалга оширилмаган.

Қонун талабига кўра, электрон дўкон орқали бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик бараваридан (бюджет буюртмачилари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан) ошмайдиган товарлар, бир давлат буюртмачиси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан ошмайдиган миқдордаги ишлар, хизматлар харид қилиниши мумкин.

Электрон дўконда товарлар (ишлар, хизматлар) тадбиркорлик субъектлари томонидан жойлаштириб борилади ва юқорида қайд этилган суммалардан ортиқ қийматдаги товарларни (ишларни, хизматларни) жойлаштирилишига дастур томонидан чекловлар ўрнатилган.

Бугунги кунда бюджет буюртмачилари 5,6 млн. сўмгача, корпоратив буюртмачилар эса 55,8 млн. сўмгача бўлган қийматдаги товарларни, шунингдек, 5,6 млн. сўмгача бўлган ишлар ва хизматларни электрон дўкон орқали харид қилишлари мумкин.

Қонун ҳужжатларига кўра махсус ахборот портали автоматик режимда, нархлар сўрови механизмини амалга оширган ҳолда офертани таклиф этган иштирокчига ҳамда электрон дўконда ўхшаш товарларни (ишларни, хизматларни) таклиф этаётган барча иштирокчиларга харид қилиш тартиб-таомилида иштирок этиш тўғрисида таклифлар юборилишини таъминлашга мажбур.

Иштирокчилар томонидан берилган нарх бўйича таклифларни таққослаш портал томонидан автоматик режимда амалга оширилади.

Портал шартномани буюртмачи томонидан танланган иштирокчининг офертасида баён этилган шартларга мувофиқ ҳамда иштирокчилар томонидан таклиф этилган энг паст нархда шакллантиради.

Шу нуқтаи назардан, электрон дўконда иштирокчилар товарларни нархини ошириб киритган тақдирда ҳам савдо ғолиби портал томонидан нарх сўрови механизмини амалга оширган ҳолда автоматик тарзда аниқланишини инобатга олсак, шу турдаги товар бўйича энг мақбул (реал) нарх таклиф қилган иштирокчи ғолиб деб топилади. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, нархларни сунъий тарзда ошириб кўрсатган иштирокчи ғолиб бўла олмайди.

Мисол учун, пандемия даврида электрон дўкон орқали бюджет буюртмачиси томонидан бошланғич нархи 5,3 млн. сўмлик кислород концентратори танланган, электрон савдо натижасида 5,0 млн. сўмга (лот рақами 8551108) шартнома тузилган.

Шунингдек, ўтказилган ўрганишлар натижасида кислород концентратори 3,4 млн. сўмдан 23,0 млн. сўмгача (ҚҚС билан) эканлиги, уларни моделлари (қўшимча функциялари мавжудлиги) ва ишлаб чиқилган мамлакатига қараб нархлари ҳар ҳиллиги аниқланди (https://glotr.uz/kislorodnye-koncentratory-v-taskente/).

Шу билан бирга, давлат буюртмачилари харид қилиш тартиб-таомиллари турларини танлашда, харидларнинг бошланғич нархларини белгилашда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни билан белгиланган асосий принципларга қатъий риоя этишлари ҳамда товарни (ишни, хизматни) сифати ва нархи ўртасидаги мақбул нисбатни таъминлаш орқали харидни амалга оширишлари лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 сентябрдаги

ПҚ-3953-сон қарори билан тасдиқланган рўйхатнинг 13-бандига асосан эпидемияга қарши (шу жумладан ветеринарияга оид) препаратлар, қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашиш учун кимёвий воситалар, шунингдек, фавқулодда ҳолатларда ваколатли органлар томонидан тасдиқланадиган табиат ҳодисалари, эпидемиялар, касалликлар тарқалишининг олдини олиш ёки унинг оқибатларини бартараф этиш учун бошқа зарур товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга оширилиши мумкин.

Мазкур қарорга асосан Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан кислород концентратори 10,1 млн.сўмга 2020 йил 22 июлдаги тўғридан-тўғри тузилган шартнома асосида харид қилинган.

Махсус ахборот порталида (xarid.uz) давлат буюртмачилари томонидан амалга оширилган ва амалга оширилаётган давлат харидлари тўғрисидаги барча маълумотлар, шу жумладан тўғридан-тўғри шартномалар тўғрисидаги маълумотлар жамоатчилик учун очиқлиги таъминланган. Давлат буюртмачилари харидларни нафақат электрон дўкон харид тури орқали, балки электрон аукцион, танлов (электрон танлов), тендер (электрон тендер) ва ягона етказиб берувчилардан давлат харидлари турлари орқали амалга оширадилар.

Жамоатчилик назорати “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунига асосан давлат харидларини ривожлантириш ва такомиллаштиришга кўмаклашиш, давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишларининг олдини олиш ва уларни аниқлаш ҳамда давлат буюртмачиларини, ваколатли давлат органларини аниқланган қоидабузарликлар ҳақида хабардор қилиш мақсадида амалга оширилади.

Давлат буюртмачилари харидларни давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари доирасида амалга оширишга мажбур ҳамда қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Бугунги кунда Молия вазирлиги томонидан давлат харидлари соҳасига оид бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали давлат харидлари тизимини янада такомиллаштиришга йўналтирилган чоралар кўрилмоқда. Мисол тариқасида, товарларни (ишлар, хизматларни) харид қилишнинг алоҳида тартиби белгиланадиган, стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналарнинг давлат харидлари бўйича эълонлари махсус ахборот порталига жойлаштириши шартлиги, шунингдек, устав фондида (капиталида) стратегик харидорларнинг улуши мавжуд бўлган ташкилотларга Қонун талаблари тадбиқ этилиши белгиланди.

Шу билан бирга, “Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомга (рўйхат рақами 3016-сон, 26.05.2018й.) тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали танлов ва тендерларни электрон шаклда ўтказиш тартиби ишлаб чиқилди.

Бунда давлат харидлари тизимини янада ривожлантириш ва харид жараёнларида инсон омилини максимал даражада қисқартириш орқали коррупция аломатларини олдини олиш мақсадида жорий йилнинг май ойидан бошлаб махсус ахборот портали операторларининг etender.uzex.uz ва tender.mf.uz платформалари орқали танлов ва тендер савдолари электрон шаклда амалга ошириш имкониятлари амалиётга жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги давлат харидлари соҳасида қонун бузилиш ҳолатларини олдини олиш ва коррупцияга қарши курашиш йўлида жамоатчилик билан яқин ҳамкорлик қилишга тайёрлигини ҳамда давлат харидларига доир масалалар юзасидан Молия вазирлигининг Ахборот хизматига(@MoliyaPress) ёки @murojaat_mf_bot орқали мурожаат қилиш мумкинлигини билдирамиз 

 

Молия вазирлиги

Ахборот хизмати

Oxirgi o'zgartirish Dushanba, 27 Iyul 2020 11:11

Izoh qoldiring

Make sure you enter the (*) required information where indicated. HTML code is not allowed.

VALYUTA KURSLARI INFORMATORI

Ishonch telefoni reytingi

1 - ball -57 foydalanuvchi
2 - ball -18 foydalanuvchi
3 - ball -25 foydalanuvchi
4 - ball -22 foydalanuvchi
5 - ball -374 foydalanuvchi

© 2020 O'zbekiston Respublikasi Moliya vazirligi..Barcha huquqlar himoyalangan.

Saytdan olingan ma'lumotlardan foydalanilganda Moliya vazirligining veb sayti www.mf.uz ko‘rsatilishi shart.

Saytni ishlab chiqish va qo'llab-quvvatlash Moliya vazirligi  AHM tomonidan amalga oshiriladi